Kategoriya: Hikoyalar
Ibratli so'zlar va qisqa hikoyalar #1
КЕЧА.....!
....Кеча савобларни кўпайтириш пайида юрардим, бугун кўп гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилаяпман. ....Кеча ҳар нарсанинг энг яхшиларини олардим, бугун борига қаноат қилишни ўргандим. ....Кеча тенгқурларим билан кўпроқ суҳбат қилардим, бугун кексаларни тинглагим келади. ....Кеча юз йиллар яшайдиган одамдек юрардим, бугун умримнинг сўнгги кунлари ўтаётгандек туюлади. ....Кеча насиҳат қилаверардим, бугун ибрат бўлишга интиламан. ....Кеча кўпларни танқид қилардим, бугун ўшаларни рағбатлантирадиган бўлганман. ....Кеча кўп билишга қизиқардим, бугун борига амал қилишга уринаяпман. ....Кеча кўнгилларни қолдиришдан оғринмасдим, бугун кўнгилларни ололмаётганимдан сиқиламан. ....Кеча хато қилишса жазолардим, бугун тузатишларига имкон бергим келади. ....Кеча бировнинг жонига тегиб ҳазил қилишга рағбатим бор эди, бугун бировнинг шаъни тўкиладиган ҳазилдан нафратланаман. ....Кеча инсонларга ишонардим, бугун юрагимни фақат Раҳмонга очаман. ....Кеча мени унутганларни эслаб ўкинардим, бугун мени эслаб яшайдиганларниям унутиб қўяётгандекман. ....Кеча бўш вақтимда қиладиган ишларнинг режасини қилардим, бугун режадаги ишларимни қилиш учун вақт қидираман. ....Кеча олимларнинг илмига ҳавас қилардим, бугун тақводорларнинг амалига мафтунман. ....Кеча Аллоҳдан сўрайверардим, бугун Аллоҳ олдида сўралишим борлини ўйлайман. ....Кеча соғиниб яшашни билардим, бугун соғинтириб узоқлашадиган бўлганман. ....Кеча билганларимни бошқаларга ўргансин деб узатардим, бугун бошқалардан нима ўргансам бўлади деб кузатаман. ....Кеча ранжитишса ўзим ҳисоб- китоб қилиб олардим, бугун ҳаммасини Ҳаққа топшириб кетавераман. ....Кеча кўзларимга Кабани кўрмоқ орзуси тинчлик бермасди, бугун кўнглимга Кабани қуришни дуода сўраяпман. ....Кеча яшашим кераклигини билардим, бугун ўлим муқаррарлигини англаганман !!
* * *
– Сахийликни кимдан ўргандинг, – деб Хотамтойдан сўрашди. – Ғиштдан, – дея жавоб берди. – Хеч замонда ғиштдан ҳам ўрганса бўлар эканми? – Одамларнинг бир-бирига ғишт узатганларини кўрганмисиз? Бир гал мен шундай ҳашарда қатнашдим. Ажиб бир ҳолдан ўзим учун хулоса чиқардим: қачонки қўлимдаги ғиштни узатсамгина менга ғишт узатишди. Узатмай, қўлда тутиб турсам, ғишт келиши ҳам тўхтади. Xаёл қилдим дейди Хотамтой: Демак, мол-дунё ҳам шундай. Эҳсон бериб турсанг, бирингга ўн келади, бахиллик қилсанг, боридан ҳам барака кетади.
* * *
Итнинг бўри билан бирга келаётганини кўрган тулки ажабланди ва ундан сўради:
−Ораларингдаги қадимий адоватни унутиб, иноқлашибсиз. Бу қандай содир бўлди?
Ит айтди:
−Бизни дўст қилган − чўпоннинг душманлиги...
Хулоса: Дўстларингизнинг кўксидан итариб, нодон чўпон ҳолига тушманг.
* * *
Ҳикмат
Агар темир ишлатилмаса, занглайди. Агар сув ҳаракатланиб турмаса, айнийди. Агар киши фикрламаса, ақлда ҳам шундай ҳолат юз беради.
* * *
Эрнест Хемингуэй драббллари.
Эълон.
Синиқ деразанинг сиртига ёзилганди: янги оила қурганлар.
***
Ётоқхона.
Ётоқхонамиздан икки кишининг овози эшитиларди. Мен эшикни тақиллатдим...
***
Қасд ва халос.
Жонимга қасд қилиш учун ўзимни пастга ташладим. Кейин фикримдан қайтдим.
* * *
СИНГИЛ ВА РАФИҚА
— Ким бўпти ўзи у синглимга қўл кўтарадиган?! Ҳали кўрсатиб қўяман, — жаҳл отига минган ака синглисининг кўкариб кетган қовоқларига қараб баттар тутақди.
Сўнг шарт ўрнидан турди.
— Қўйинг... — йиғлашда давом этарди сингил,
— Эримнинг ўзи жаҳли тез... — ҳозир ундан зорланиб турган аёл эрининг тарафини олди, — ҳализамон кечирим сўраб келади.
— Қилғилиқни қиб қўйиб, кечиримини пишириб есин! Мен синглимни хўрлатиб қўймайман.
Башарасига бир мушт тушириб, сўнг узр сўраганим бўлсин!
— Ундай қилманг, — сингил мўлтираб келинойисига қаради.
— Дадаси... — тилга кирди аёли ҳам, — оилада бўлиб туради...
— Сен аралашма!
— Ахир... — аёл ерга боққанча оҳиста сўзлади,
— Mенинг акаларим тўполон қилгани йўқ-ку...
Эркак беихтиёр аёлининг ёноғига қаради. Ҳалиям қизариб тургандек туйилди. Ўтган ҳафта мастлигида «бунча кўп ичдингиз?» деб зорланган аёлини қаттиқроқ туртиб юборганини эслади.
Кўзини яшириш учун деразадан ташқарига боқди. Келинойисининг шамасини тушунган сингил ҳам аста тугунини кўтарди-да, уялганча хонадан сирғалиб чиқиб кетди.
Нодирабегим Иброҳимова
* * *
Bir korxonada ishlaydigan ikki oshna ish vaqtini tugatdi.
- Yur, yo'lak chetida biroz o'tiramiz.
- Nima qilasan?
- Ishdan qaytayotgan qizlarni tomosha qilamiz.
- Qo'ysangchi, yur undan ko'ra pivo ichamiz.
- Pivoni keyin ichamiz.
Ikkinchisi qizlarga qarashga uncha hushi yo'qligi uchun arang ko'ndirdi...
-Anavini qara, sochi uzun ekan.
- ...
- Bunisini qomatini qara.
- ...
- Erkakmisan, hayot go'zalligidan bahra olsangchi!
- ... Hov anavi qizil ko'ylakligi zo'rakan.
- Yur ketdik, pivo ichganimiz yaxshi ekan!
- Nima bo'ldi?
- U meni singlim, ahmoq!
- ...
Rasul Djuraev
* * *
Буюртмачи ва уста
- Менга битта эшик ясаб беринг, - деди буюртмачи дурадгор устага. – Чиройли бўлиши шартмас, аммо мустаҳкам бўлсин. Майли, унга қараган одамлар иккинчи бор қарашмасин. Асосийси, ҳеч ким очолмасин.
- Хўп, уни қаерга ўрнатмоқчисиз? Уйгами ёки ҳовлига?
- Қалбимга, - жавоб берди буюртмачи.
Аслиддин
* * *
Оқсоқ мушукча
Кичкина бир дўкон эшигига “Мушукчалар сотилади” деган эълон ёпиштирилди. Бу ёрлиқ бирпасда болаларнинг эътиборини тортди. Кўп ўтмай дўконга бир болакай кириб келди. У дўкончи билан саломлашгач, журъатсиз бир шаклда мушукчаларнинг нархини сўради.
– 30 сўмдан 50 сўмгача, – деб жавоб берди сотувчи.
Бола чўнтагидан ҳамёнини олиб, тангаларини санай бошлади.
– Ҳозир икки сўмгина пулим бор экан, холос, – деди хўрсиниб. Сўнг: – Ҳеч бўлмаса, мушукчаларни кўришга рухсат беринг, – деб илтимос қилди.
Дўкончи жилмайди ва катта қутидан мушукчаларни чиқарди. Эркинликни ҳис қилган мушукболалар миёвлай бошлашди ва ҳар ёққа чопиб кетишди. Фақат биттаси ҳаммадан ортда қолган, орқа оёғини ичига тортиб ҳаракатсиз турар эди.
– Бу мушукчага нима қилган? – деб сўради бола.
– Панжасида туғма нуқсони бор. Ветеринар айтди, бу бутун умр шундай оқсоқланиб ўтар экан.
Бу гапдан бола негадир қаттиқ ҳаяжонга тушди.
– Мен мана шу мушукчани сотиб оламан, – деди у.
– Нима, менинг устимдан куляпсанми, болакай? Ахир бу норасо бир жонзот бўлса! Унинг сенга нима кераги бор? Жа-а шунақа раҳмдил бўладиган бўлсанг, уни сенга текинга бераман.
Бу гапдан боланинг ҳафсаласи пир бўлгани кўриниб турарди.
– Йўқ, мен уни текинга олмоқчи эмасман, – деди у қатъият билан. – Бу мушукчанинг нархи бошқалари билан бир хил! Ҳозир пул олиб келаман, ҳақини тўла тўлайман!
Болакайга ҳайратланиб қараб турган сотувчининг юраги титради.
– Ўғлим, сен гапимни тушунмадинг. Бу бечора мушукча бошқаларига ўхшаб югуролмайди, сакролмайди, сен билан ўйнолмайди. Ҳеч қачон!
Бу гапдан сўнг болакай чап оёғининг почаларини қайиришга тушди. Унинг оёғи буришиб-майишиб ётар, унга қадалган темир гардишларгина оёқни тик тутиб турарди.
Бола сотувчига қаради:
– Мен ҳам ҳеч қачон югура олмайман, сакрай олмайман. Бу мушукчага ҳам уни тушунадиган, қанақа қийналаётганини биладиган бир ғамхўр керак... – деди бола мунгли, титроқли товуш билан.
Раста ортида турган дўкончи лабларини қаттиқ тишлаб олган, кўзларига жиққа ёш тўлган эди.
Бироз жимликдан сўнг у ўзини зўрлаб жилмайди:
– Ўғлим, мен Худодан ҳар бир мушукчанинг сенга ўхшаган меҳрибон, раҳмдил эгаси бўлишини сўрайман. Ҳаққингга дуо қиламан, болам.
О. Толиб
* * *
Ҳаёт мағзи интилиш ва курашмоқликдан иборат!
Доимо кўтаринки кайфиятда юришнинг асло иложи йўқ, негаки, ён-атрофдан кўнгилни тушкунликка, маҳзунликка солиб қўйгувчи сабаблар аниқ топилади.
Ҳар бир нарсанинг ўз нисбати бўлганидек, топишнинг йўқотишлари, мардлик, адолатнинг эса ғирромликлари ҳам бор, албатта.
Нега-ки, бу синовли Ҳаёт!
Ҳали айтилганидек, унда аксиятлар жуда кўп...
Ҳаётнинг ўлкан синов аталмиш қозонида қайнаб, иродамиз, сабримиз, иймонимиз синалади.
Бу шундай синовли фаолиятдир...
Ишонасан, алданасан...
Кўп нарсаларга улгурасан, баъзида кечикасан ...
Баъзилар билан аҳил иноқ бўлиб, негадир, кимлар биландир келишмай , чиқишолмай қоласан...
Барибирам, яшаш қандай мароқли, Ҳаёт гўзал!
Яқинларинг ёнингда, соғ-саломат, рўзғоринг бут, фарзандларинг ўсиб улғаяётганидан кўзинг қувнайди...
Барибир қандай бўлишидан қатъий назар яшамоқлик неъматини бергани учун Яратганга минг шукрона айтиб, ҳар қандай ижобий ёки салбий кечинмалар оғринтирса ҳам, барча қийинчилик ва тушунмовчиликларни яхшиликка юналтирсак
нур устига аъло нурдир..
Кўпчилик яхшиликнинг замирида фақат маънфаат ётади деб бутунлай янглишишади.
Эзгулик ва ўзаро қадр- қиймат, ҳурмат-иззат ва оқибат деган хусусиятлар одатда бизни Инсонийлик даражамизни белгилаб беради..
Демак , имкон қадар савоб қилишда , ён атрофингиздаги кишиларга, яқинларга яхшилик улашишдан тўхтаманг...
Зеро,биз ҳаётга Инсонлигимизни оқлаш учун келганмиз..
Интернетдан олинди
KO'P KO'RILGAN
9-sinf yangi elektron darsliklar
18 sen, 2022
8-sinf yangi elektron darsliklar
18 sen, 2022
11-sinf yangi elektron darsliklar
19 sen, 2022